Articles |
Материал Портала "Озодлик радиоси"
Россиядаги Миграция ва этник мансублик бўйича тадқиқот маркази ўзбек ва тожик муҳожирлари ҳаëтига бағишланган янги сўров бошлади. Тадқиқот муаллифлари муҳожирларнинг ўз жавоблари асосида туғиладиган манзарани ҳукумат ва қонун чиқарувчилар диққатига етказишга умид қилмоқда. Россияда ишлаëтган ëки ишлаб қайтган ўзбекистонликлар ўзбек ëки рус тилларидаги сўров саволларига Озодлик орқали жавоб беришлари мумкин. ифларидан бири¸ социолог Анна Рочева Озодлик билан суҳбатда Миграция ва этник мансублик бўйича тадқиқот марказининг янги сўрови нега айнан ўзбек ва тожик муҳожирларига қаратилганини изоҳлади: - Бу йил бизнинг асосий лойиҳамиз Россия миграция қонунчилиги¸ аниқроғи унинг нақадар самара бераëтгани¸ оддий мигрантлар ҳаëтига кўрсатаëтган таъсирини ўрганишга қаратилган. Шу маънода ўзбек ва тожик муҳожирларини алоҳида тадқиқот марказига қўйдик. Биласиз¸ ўзбеклар Россиядаги меҳнат муҳожирлари ўртасида сон бўйича биринчиликда. Федерал миграция хизмати келтирадиган рақамларга кўра¸ Россиядаги ўзбек мигрантлари сони 2 миллион атрофида ва унинг кейинги бир-икки йил ичида кескин камайганига оид аниқ маълумот йўқ. Россия ҳали ҳам ўзбекистонликлар учун асосий меҳнат бозори бўлиб қолмоқда¸ дейди Анна Рочева. Шу пайтгача ўтказилган сўровлардан фарқли янги тадқиқот¸ муаллифга кўра¸ фақат Интернет орқали ўтказилмоқда. Унда мақоми қонуний-ноқонунийлиги¸ Россия ëки ундан ташқарида яшаши¸ нима иш қилиши-қанча пул топишидан қатъий назар¸ Россияда муҳожиратда яшаган ва яшаëтган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари қатнашиш имконига эга. Бу сўров орқали биз ўзбек ва тожик мигрантларининг Россиядаги мақоми¸ уларнинг миграция қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгаришлардан қанчалик хабардорлиги¸ қонунчиликдаги камчиликларни аниқлашни мақсад қилганмиз¸ дейди Озодлик суҳбатдоши. Унга кўра¸ сўров воситасида марказ тадқиқотчилари Россия Миграция қонунчилигига киритилган ўзгартишлар бир неча миллионлик ўзбек ва тожик мигрантларининг Россияда яшаб-ишлашини осонлаштиргани ëки аксинча¸ уни мураккаблаштиргани¸ қолаверса¸ бу муҳожирларнинг Россия ва россияликлар жамоасига қанчалик интерграция бўлаëтгани ўрганишни мақсад қилган. Айни пайтда¸ сўров муаллифлари унинг хулосаларидан амалий натижа чиқишига ҳам умидвор: - Хабарингиз бор¸ 1 июндан Федерал миграция хизмати тарқатилиб¸ унинг ваколатлари Ички ишлар вазирлиги ва ижроия ҳокимиятининг бошқа тизимларига берилади. Бу тизимлар¸ қолаверса¸ қонунчилик ҳокимияти вакилларига биз Россиядаги муҳожир учун легал ëки нолегаллик ўртасидаги чегарадан ўтишнинг қанчалик осонлигини¸ қонуний муҳожирнинг бир куннинг ичида қандай қилиб ноқонунийга айланиб қолишини кўрсатишга умид қилаяпмиз¸ дейди Анна Рочева. Тадқиқот муаллифлари Озодлик радиосидан ўзбек ва тожик муҳожирларининг Россиядаги вазиятини жиддий таҳлил қилишга қаратилган бу сўровни ўз сайти¸ қолаверса¸ ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида қўйишни сўрадилар. Миллионлаб ўзбек муҳожирининг Россиядаги ҳаëти манзарасини аниқроқ¸ кенгроқ ва тўғрироқ тасвирлашни мақсад қилган бу сўровда қанча кўп ўзбек муҳожири қатнашса¸ унинг хулоса ва самараси шунчалик асосли ва кучлироқ бўлиши мумкин. Сўровда қатнашиш орқали Россиядаги ўзбек муҳожирлари ҳаëтининг асл манзараси Москва миграция сиëсатини белгиловчилар диққатига етиб боришини истовчилар¸ унда қуйидаги линкни босиш орқали қатнашишлари мумкин. Респондентлар учта тилда - рус¸ ўзбек ва тожик тилларидан бирини танлаб¸ саволларга жавоб беришлари мумкин. Озодлик сўров ва унинг натижаларини ҳам кузатишда давом этади. | |